“ЯШИЛ МАКОН” – ЕЧИМ ВА ИМКОН
Бугунги асосий экологик муаммо – атмосфера ҳавосининг ифлосланишида она заминнинг табиий фильтри бўлган ўрмонларнинг кескин камайиб кетганлиги бош сабаб. Чунки, дарахтлар аввало чангни, тутун ва ҳаводаги бошқа газларни зарарсизлантиришда муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда ўрмонларни кескин қисқариши нафақат табиатга, балки инсоният келажагига ҳам жиддий хавф соляпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда ҳар йили дунё бўйича ўртача 7-10 миллион гектаргача бўлган дарахтзорлар кесиб юбориляпти, яна бир қисми эса ёнғинлар натижасида йўқ бўлиб кетмоқда. Ўзбекистонда эса дарахтларнинг камайиб кетишига аксарият ҳудудларда сув танқислиги, бошқа жойларда табиатга нисбатан хўжасизларча муносабат натижасидир. Таассуфки, бу эътиборсизлик бугунга келиб ўзининг салбий оқибатларини кўрсатди. Бугун нафақат мамлакатимиз пойтахти Тошкент, балки бошқа шаҳарларда ҳам ҳаводаги зарарли моддалар миқдори дунё миқёсида энг ифлос ҳавога эга бўлган шаҳарлар қаторига кириб олди.
Шу боис бугун аввало табиатнинг “ўпка”си ҳисобланган дарахтзорларни кўпайтириш, кўчат экиш миқдорини йил сайин ошириб бориш, мавжуд ўрмонларни асраб-авайлаш ва кенгайтириш долзарб масалага айланди. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 30 майдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўрмонлар ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашиш ишларини тизимли амалга ошириш, шунингдек, мазкур йўналишларда ягона давлат сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлиги, яшовчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари, давлат ўрмон хўжаликларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос дарахт турларининг замонавий селекция усулларидан фойдаланиб сифатли ва кафолатланган уруғларни етиштириш ҳажмини 1,5 бараварга ошириш, уруғчилик лабораторияларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос ўсимлик турларидан оналик плантацияларини ташкил қилиш, давлат ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилаётган кўчатлар ҳажмини 2 бараварга ошириш мақсад қилинган. Бошқачароқ айтганда, эндликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидани тадбирлар учун етарлича кўчатлар етказиб бериш давлат ўрмон хўжаликлари зиммасига юклатилди.
Бизнинг Косонсой давлат ўрмон хўжалигида мазкур фармон ижроси юзасидан аниқ ва пухта тадбирлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2025 йилнинг баҳор ва куз мавсумида вилоятимиз ҳудудидаги яшил макон ва яшил боғларга 200 минг тупдан зиёд, 50 дан ортиқ турдаги манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилди. Улар орасида маҳаллий навлардан тортиб, хориждан келтирилган камёб дарахтларгача бор. Эндиликда ушбу миқдорни янада ошириш учун мавжуд ўрмонлар ҳудуди янги ўзлаштирилган ерлар ҳисобига кенгайтириб бориляпти.
-Косонсой давлат ўрмон хўжалигининг жами майдони 4143 гектарни ташкил қилади, - дейди бош ўрмонбеги Сирожиддин Абдувалиев. – Унинг 1200 гектарини туташган ва туташмаган, 76 гектарини ёпиқ ўрмонлар эгаллаган. 15 гектар майдонда эса кўчатхона фаолият кўрсатади. Ана шу кўчатхонада ҳозирда 54 турдан ортиқ 1,5 миллион туп кўчат ва ниҳоллар етиштириляпти. Бу кўчатлар “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси асосидаги тадбирлар учун, шунингдек, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармалари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларга шартнома асосида етказиб бериляпти. Амалдаги йилда қўшимча 60 гектар майдонда янги ўрмон барпо қилинди ва унинг 50 гектари ҳимоя ўрмони ҳисобланиб, бу ерда салкам олтмиш минг туп терак, каталпа, бодом, ясин, қайрағоч каби дарахт кўчатлари экилди. Қолган 10 гектарда эса аччиқ бодом кўчатлари экилди. Ўрмончиларимиз 2024 йилда вилоятнинг учта туманида “Яшил боғ”лар ташкил этишган бўлса, жорий йилнинг шу кунларида Косонсой туманининг Хонқўрғон маҳалласида 1 гектарлик “Яшил боғ” барпо этиляпти.Бу ерда шу кунгача 650 туп ранго-ранг манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Косонсой давлат ўрмон хўжалиги олтита бўлимдан иборат. Улардан бири Чиндовул ўрмончилик бўлими ҳисобланиб, ҳудуди 15 гектардан иборат. Ушбу бўлимга суяги шу соҳада қотган, умрининг асосий қисмини ўрмончиликни ривожлантиришга бағишлаган фидойи инсон Аҳмаджон Каримов раҳбарлик қилади. Бўлимнинг асосий майдони, яъни 9 гектари асосан кўчат етиштиришга мослаштирилган бўлиб, ҳозирда 44 турдаги манзарали кўчатлар, 6 турдаги бута кўчатлари етиштириляпти. Улар орасида майда баргли шамшод, йил ўн икки ой яшнаб турадиган магнолия, магония, оққайин, ноёб турли арча кўчатлари бор.
-Бугун юртимиз чиройи кун сайин гўзаллашиб боряпти, бунга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан ғоят мамнунмиз, - дейди Аҳмаджон Каримов. – Чунки, бизнинг ўрмон хўжалигимизда етиштирилган сара кўчатлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги йўл бўйлари, парк ва оромгоҳлар, истироҳат боғлари, янги барпо этилаётган турур-жой мавзеларига кўркамлик, яшиллик бағишлаяпти. Хусусан, Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига ҳам турли навдаги сархил дарахт кўчатларини етказиб бердик. Сирасини айтганда, 2025 йилда бўлимимиз ходимлари “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси ижроси учун учун 15 минг тупдан зиёд манзарали кўчатлар етказиб беришди. Бу борада астойдил меҳнат қилган Баҳодир Маткаримов, Абдулла Каримов, Абдураим Сотволдиев, Фурқат Салоҳиддинов ва Ваҳобжон Каримов сингари ишчиларимиз номини алоҳида таъкидлашни истардим.
Дарҳақиқат, бугун Косонсой давлат ўрмон хўжалигида меҳнат қилаётган барча ишчи-хизматчиларнинг меҳнати эътирофга лойиқ. Чунки, аҳил ва ҳамжиҳат жамоа фаолияти эришилаётган ютуқларнинг асосий омилидир. Шундай экан, биз давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус – юртимизни яшилликка буркаш, ўрмон ва дарахтзорларни кўпайтириш, кенгайтириш, ривожлантириш борасидаги тадбирларга муносиб ҳисса қўшамиз. Чунки, “Яшил макон” она табиатимизни асрсб-авайлаш учун энг тўғри ечим ва имконият ҳисобланади.
Муҳамммадилло Камолов,
Косонсой давлат ўрмон хўжалиги бошлиғи.