ТАДБИРЛАР МАВСУМИЙ БЎЛМАСЛИГИ ЛОЗИМ

ТАДБИРЛАР МАВСУМИЙ БЎЛМАСЛИГИ ЛОЗИМ

Бугун мамлакатимиздаги экологик вазият жиддий ҳолатга келган. Атмосферанинг ифлосланиши ортидан аҳоли орасида касалликлар кўпайди, ҳаводаги чанг ва тутун миқдори кун сайин ортиб боряпти. Афсуски, бунда нафақат ташқи таъсирлар ва антропоген омиллар, балки ҳамюртларимизнинг эътиборсизлиги ҳам бор. 

 

Айни вазият бир кун ёки  ойда пайдо бўлмади, балки йиллар давомидаги маъсулиятсизлик, атроф-муҳит муҳофазасига нисбатан эътиборсизлик оқибатида пишиб етилди. Бунинг асосида эса оддий ҳолат – экологик маданият етишмаслиги мужассам. Чунки, бугун об-ҳаво қуруқ келаётган бир маҳалда жойларда кузги хазонрезда тўпланган баргларни ёқиб юбориш билан боғлиқ юзлаб ҳуқуқбузарликларни кўриш мумкин. Ҳолбуки, хазонни ёқиш натижасида атрофга тарқаладиган зарарли газларнинг инсон саломатлиги учун хавфи жуда катта ҳисобланади. Негаки, бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ажралиб чиқади. Яна инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқаради. Бундай ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон томир ва нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.

Без названия (1)-7

Афсуски, бугун мамлакатимиз  шаҳарларидаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси ғоят ташвишли. Жумладан, мутахассисларнинг берган маълумотларига кўра Тошкент шаҳридаги ҳавонинг ифлосланганлик даражаси бу борада азалий етакчи бўлиб келган Ҳиндистонинг Деҳли, Калькутта, Бангладешнинг Дакка, Ветьнамнинг Ханой сингари шаҳарларидан ҳам ортиб кетган. Янада ташвишлиси энди улар  қаторига Фарғона водийси шаҳарлари ҳам қўшиляпти. Хусусан, Андижон шаҳридаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси баъзида Тошкентни ҳам ортда қолдиряпти. 

Шу боис бугун вилоятда атмосфера ҳавосмининг мусаффолигини таъминлаш юзасидан қатор амалий тадбирлар олиб бориляпти. Кўча ва дарахтзорларни чангдан тозалаш, яшил ҳудудларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Афсуски, ўтган уч кун, яъни 28-30 ноябр санасида бу муҳим тадбирларга зид равишда яна хазон ёқиш юзасидан 50 дан зиёд ҳолат аниқланди  ва уларга  нисбатан Ўзбекистон Республикаси  Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 88-моддси 1-қисми билан тегишли чора кўрилди. Бундан кўринади-ки, аҳоли ўртасида хазон ёқишнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг қамровли тушунтириш-тарғибот   ишларини олиб бориш талаб этилади. Бу тадбирни оммавий даражага кўтариш, унинг иштирокчиларини имкон даражасидаги   кўпайтириш зарур бўлади.

Бу борада  вилоят ҳокимлиги томонидан илгари сурилган ташаббус эътирофга лойиқ. Хусусан, Андижон вилояти ҳокими ҳаво ифлосланишига қарши курашганлар ва экологик ҳолатни яхшилашга ҳисса қўшганларни рағбатлантириш, уларни муносиб  мукофотлар билан тақдирлаш ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда Андижонда экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, ҳаво ифлосланиши олдини олиш борасида бажарилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек, вилоятда экологик  вазиятни изга солиш, ҳавонинг мусаффолигини таъминлашга эришиш юзасидан зарур  чора-тадбирларни олиб бориш  бўйича долзарб 15 кунлик ўтказиладиган бўлди.  Унинг якуни бўйича экологик ҳолатни яхшилаш учун фаол ҳаракат қилган,  атроф-муҳит, ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган корхоналар ҳақида хабар берган фуқаролар, ҳолатни яхшилашга ҳисса қўшган аҳоли вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ажратилган 10 та ўрин доирасида   махсус совға ва катта миқдорда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. 

Табиийки, бу ташаббус вилоятда  табиатни муҳофаза қилиш борасидаги тадбирларни ижобий томонга ўзгартиришга сезиларли ҳисса қўшади. Лекин, бу каби эзгу тадбирлар мавсумий бўлиб қолмаслиги керак.  Чунки, атроф- муҳит софлиги барчамизнинг доимий вазифамиз, Она табиат олдидаги фарзандлик бурчимиз бўлмоғи даркор.

 

Абдукарим Қувватов.