ТОЗА ҲАВО – БОРЛИҚ МУСАФФО
Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб, глобал муаммоларидан биридир. Чунки, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши натижасида инсон, ўсимлик, ҳайвонот ва бошқа тирик мавжудотларга бўлган зарарли таъсир кўлами тобора ортиб бормоқда.
Ўлкамизга олтин куз кириб келди. Ҳар фаслнинг ўзига хос ажиб бир хислати, таровати бўлгани сингари олтин куз фаслининг ҳам ўзгача файзи, чиройли манзараси, ажиб тароватибор. Айниқса,кузда дарахтлар чиройли бўлиб, олтинранг тусга киради ва боғларни, хиёбонларни кезиш кишига завқ бағишлайди. Дарахтлардан тўкилаётган тиллоранг барглар гўёки моҳир рассом яратган бетакрор санъат асари каби кўзни қувнатади. Бу манзара дилларга ёқимли туйғуларни, гўзал тасаввурларни ҳадя этиб инсонни хаёлот оламига етаклаб боради. Йўлаклар бўйлаб заминга гиламдек тўшалган сарғиш япроқлар, хазонлар умрнинг нақадар қисқалигидан нолишаётгандек, бу ҳам етмагандек, айрим кимсалар уларга ўт ёқиб юборишаётганларидан ҳафа эканликларини ўз тилларида сўзлашаётгандек туюлади кишига. Ёки бу овоз хазонларнинг тутунидан заҳарланган табиатнинг нидосидир,балки. Шу тобда, кўнгилда турли уй фикрлар чарх уради. Аммо, шуни аниқ биламизки, ёқилган хазон тутунлари нафақат табиатга балки, одамзотнинг саломатлигига ҳам жиддий зиён келтириши шубҳасиз.

Ҳазон ёқилган вақтда қуриган барглар таркибидаги токсик газлар тутун шаклида атроф-муҳитга тарқалади. Бу ҳолат инсон организмида нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ турли хасталиклар, жумладан, аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Атмосферада заҳарли моддаларнинг кўпайиши катталар ҳамда болалар орасида бронхиал астма касаллигининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу хасталикнинг асорати шу қадар жиддийки , у ногиронлик ҳолатига олиб келиши мумкин. Дарахт ва буталар баргларида йил мобайнида транспорт воситалари, ишлаб чиқариш корхоналаридан ажралиб чиқувчи заҳарли газлар йиғилади. Хазонларга ўт қўйиш натижасида бебаҳо саломатлигимиз учун зарар бўлган зарарли газлар ҳавога тарқалади. Энг ёмони ушбу моддалардан иборат тутун ўпка орқали қонга сўрилиб нафақат инсон, балки жамики нафас олувчи тирик организмларга салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, ҳаво таркибида заҳарли моддалар миқдорининг ор тиши турли хасталикларнинг кучайишига ҳам олиб келади. Хазон, қуриган барглар, шох - шабба ва чиқинди уюмларининг ўзбошимчалик билан ёқилиши натижасида атмосферада карбонат ангидрид ва бошқа зарарли моддалар миқдорининг кескин ортишига сабаб бўлади. Хазонларни ёқмай белгиланган компост чуқурларга тўкилиши биринчидан атроф-муҳит тозалиги,шунингдек юртдошларимизнинг саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда яқин беш йилга, яъни 2026-2031-йилларга мўлжалланган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси ишга туширилиши атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олиш бўйича энг зарур ва аҳамиятли ташаббуслардан бири бўлди. Бу лойиҳанинг асосий мақсадлари саноат ва энергетика объектлари, қурилиш соҳаси ҳамда транспорт чиқиндиларини камайтириш, атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ҳажмини 10,5 фоизга камайтириш, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича биринчи ва иккинчи тоифаларга мансуб корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газтозалаш қурилмаларини ўрнатиш, саноат объектлари чиқиндиларини ушлаб қолиш улушини 32 фоизга етказиш, ПМ 2,5 бўйича миллий нормативлардан юқори бўлган кунлар сонини камайтириш, транспорт воситалари томонидан атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10 фоизга камайтириш, шунингдек,табиий чанг ҳосил бўлишини назорат қилишдан иборатдир.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унга ташланаётган зарарли моддаларни камайтириш мақсадида мамлакатимиз ҳамда вилоятимизда бўлгани каби Марғилон шаҳрида ҳам ҳар йили икки босқичдан иборат “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг “Тоза ҳаво” ойлигини ўтказиш тўғрисидаги тегишли буйруқ ва кўрсатмаларига асосан Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг тегишли буйруғи қабул қилинган. Унга кўра, вилоятда, шунингдек, шаҳар ва туманлар кесимида “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирининг иккинчи босқичи бошланди ва у жорий йилнинг 10 сентябрига қадар давом этади.
“Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи ва иккинчи босқичларидан кўзда тутилган мақсад – экология, атроф муҳит мусаффолигини янада яхшилаш, она-табиатни асраб авайлашга бўлган эътиборни янада ошириш, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли моддалар билан атмосфера ҳавосини ифлосланишини камайтириш, уларнинг зарарлилик даражасини текшириш бўйича давлат назоратини кучайтириш, автомобилларга ёнилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, автокорхоналар, автомобил йўлларида экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини назоратдан ўтказиш, умуман олганда, юқоридаги йўналишлар бўйича ишларни янада яхшилашдан иборатдир.
Шундай экан, барча марғилонликлар, хусусан, юртдошларимизга ўзининг гўзал ва бетакрор манзараси билан барчани ўзига мафтун этиб келаётган табиатимиз мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга дахлсиз етказиш ҳар биримизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиз эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Айни пайтда шаҳримизда давом этаётган “Тоза ҳаво” ойлигининг иккинчи босқичида фаол иштирок этиб, уни намунали ўтказилишига ўз ҳиссангизни қўшишга чақирамиз.
Нозимжон Ғуломов,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бошқармаси Марғилон шаҳар бўлими бошлиғи,
Сафурахон Турғунова,
давлат инспектори.