ҚОНУН УСТУВОР, ТАБИАТ БЕҒУБОР
Бугун тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий йўналишига айланиб улгурди. Айнан ишбилармонлик субъектлари фаолияти сабаб ҳар соҳада юксалиш, ривожланиш тезлашиб боряпти. Бу ўз навбатида бизнес корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга асос бўлмоқда. Аммо, ҳар ишда аввало қонун устуворлиги биричи ўринда туради. Айниқса, табиат билан муносабатда бу янада муҳимроқ аҳамият касб этади.
Андижон вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда давлат экологик экспертизаси маркази вилоят филиали ходимлари жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларида экологик талабларни бажарилиши бўйича қўйилган талаблар ижроси юзасидан қатор ўрганишлар олиб боришмоқда. Ана шундай амалий тадбирлардан бири вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Асака тумани бўлими вакиллари билан ҳамкорликда тумандаги Ниёзботир маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Sammix broylers” масъулияти чекланган жамиятга қарашли паррандачилик фабрикасида ташкил этилди.
Маълумки, ушбу паррандачилик фабрикасига 2015 йил январида корхонанинг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги ариза лойиҳаси бўйича берилган тегишли давлат экологик экспертизаси хулосасида қатор талаблар кўрсатиб ўтилган. Ўрганиш давомида мутахассислар томонидан айнан шу талабларнинг бажарилиши мониторинг қилинди.

Жумладан, хулосага кўра, корхона фойдаланишга топширилгунга қадар “Экологик оқибатлар тўғрисида баёнот” лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва ўрнатилган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказиш, бунда давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 12 декабрда имзоланган “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш” тўғрисидаги қарорида белгиланган дастурига муфовиқ, саноат корхоналарида ҳосил бўлаётган оқова сувларни тозалаш ва айланма сув таъминотини жорий қилиш — локал оқова тозалаш иншоотларини ўрнатиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш, тозаланган сувларни технологик ёки маиший-хўжалик мақсадларида қайта ишлатиш кўламини ошириш чораларини кўриш вазифаси кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ ҳудудда ҳосил бўлган қаттиқ маиший ва бошқа чиқиндиларни турларига кўра саралаш ва қайта ишлаш мумкин бўлган чиқиндиларни иккиламчи хом-ашё сифатида тегишли корхоналарга топшириш ҳамда маиший ва суюқ чиқиндиларни улар тўпланган жойлардан олиб чиқиш билан боғлиқ тегишли шартномаларни тузиш ва тақдим этиш, ишга туширилаётган ишлаб чиқариш объектларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбааларида тозалаш самарадорлиги 99,5% дан кам бўлмаган чанг ва газ ушлаш тизимларидан фойдаланишни таъминланиш шарт бўлади.
Бундан ташқари, корхонада ўрнатиладиган шамоллатиш тизимларининг ишлаш самарадорлигини текшириш учун мунтазам равишда профилактик-текширувишларни бажариш ва аниқланган носозликларни ўз вақтидаб бартараф этиш, объектда бажарилиши кўзда тутилган талаблар ва чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги, олиб келиниши режалаштирилган асбоб-ускуналар тармоғининг ўрнатилганлиги юзасидан туманга бириктирилган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекторларига кузатув мониторингини тақдим қилиш, “Яшил макон” ва “Яшил белбоғ” миллий дастурлари доирасида ўзига тегишли ва туташ ҳудуларнинг камида 25 фоизини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш белгилаб қўйилган.

Мониторинг давомида ушбу талаблар ижроси, сифат даражаси, атроф-муҳитга нисбатан салбий таъсирларнинг олдини олиш борасидаги амалий чора-тадбирлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари таҳлили қилинди. Тўғри, паррандачилик фабрикасида экологик экспертиза талабларига доир қатор тадбирлар бажарилган, уни тўлақонли адо этиш учун қўшимча ишлар олиб бориляпти. Бу жараён албатта мутахассислар томонидан назоратда бўлади. Пировардида эришиладиган натижа табиат ва жамият учун бирдек манфаатли бўлади.
Абдуманноб Маманазаров,
давлат экологик экспертизаси маркази
Андижон вилоят филиали директори.