МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ЖОНИВОР
Фарғона водийси Ўзбекистоннинг табиий ва биологик жиҳатдан муҳим ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳ айвонот дунёсининг м азкур ҳудудда сақланиб қолган нодир вакилларидан бири ҳисобланган қалқонли гекконча – ( Alsophylax loricatus ) сўнгги йилларда йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тур илгари водий ҳудудида нисбатан кенг тарқалган бўлса, ҳозирда унинг популяцияси кескин камайган. Қалқонли гекконча Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Қизил рўйхатига йўқолиб кетиш хавфидаги тур ( Vulnerable ) сифатида киритилган. Бунга сабаб сифатида эса ноқонуний карьерланинг табиий муҳитга етказаётган жиддий зарарини таъкидлаш мумкин.
Фарғона водийсида сўнгги йилларда ноқонуний карьерлар фаолиятининг кўпайиши табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Қум ва шағал қазиб олиш билан боғлиқ ушбу фаолият ер қопламини бузилиши, табиий ландшафтларнинг қисқариши, майда жониворларнинг яшаш муҳитини йўқолиб боришига олиб келмоқда.

Қалқонли гекконча асосан ер юзасига яқин жойларда, эски иншоотлар, харобалар ва ариқ бўйларида учраши сабабли, бундай ишлар унинг сўнгги яшаш ҳудудларини ҳам издан чиқармоқда.Шунингдек, бу борада аҳоли орасидаги нотўғри қарашлар муаммосидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, экологик таҳдидлар билан бир қаторда, жамиятда мавжуд айрим нотўғри диний ва маиший қарашлар ҳам ушбу турнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Айрим ҳолларда калтакесакларни “ҳаром ҳайвон” деб баҳолаш ёки уларни ўлдириш савоб экани ҳақида асоссиз фикрлар тарқалмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, қалқонли гекконча инсон саломатлигига ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Аксинча, у касаллик тарқатувчи майда ҳашаротлар билан озиқланиб, санитар-эпидемиологик барқарорликка ҳисса қўшади. Табиатни асраш ва жониворларга сабабсиз зарар етказмаслик ахлоқий ҳамда маънавий қадриятларга ҳам мос келади.

Қалқонли гекконча Фарғона водийси биологик хилма-хиллигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу турнинг йўқолиши экотизим барқарорлигининг бузилиши, зарарли ҳашаротлар сонининг кўпайиши ва т абиий мувозанатнинг издан чиқишига олиб келиши мумкин. Шу боис, бундай нодир турларни асраш нафақат экологик, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Демак, бугун уни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш зарур. Бунинг учун ноқонуний карьерлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, қалқонли гекконча учрайдиган ҳудудларни муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида экологик ва маърифий тушунтириш ишларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали табиатни асраш ғояларини кўпроқ тарғиб этиш талаб қилинади.
Қалқонли гекконча — Фарғона водийси табиати учун муҳим бўлган нодир жонивор. Уни асраб қолиш биологик хилма-хилликни сақлаш, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва келажак авлод учун соғлом экотизим қолдириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилоят экология ва иқлим
ўзгариши бошқармаси матбуот котиби.